Наманганнинг Тўрақўрғон туманида Тўрақўрғон – Жомашуй автомобиль йўли фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тўрақўрғон туманида жорий йилнинг ўтган даврида бир қатор ижтимоий объектлар, «Бирлашган», «Ибрат» маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бино, Хўжанд қишлоғида «Нуронийлар маскани», профилактика инспекторлари учун хизмат уйлари қуриб фойдаланишга топширилди. Улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон тўра Ибрат хотира хиёбони мажмуаси барпо этилмоқда. Косонсой сойи қирғоқларини реконструкция қилиб, истироҳат масканига айлантириш, эски деҳқон бозори ўрнида замонавий савдо мажмуаси бунёд этиш, саккизта кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриш ишлари қизғин давом этаётир. Тўрақўрғон – Мингбулоқ йўналиши бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан 600 дан ортиқ пахсали хонадонлар ўрнида 316 намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилиши авжида. Ўтган йили улардан 109 таси ўз эгаларига топширилди.
Исвахон маҳалласи ҳудудидан ўтган Тўрақўрғон – Жомашуй автомобиль йўлининг реконструкция қилиниши вилоят иқтисодий-ижтимоий ривожланишида катта аҳамиятга эга. 5 километрлик йўлнинг 3,3 километри қисқа муддатда кенгайтирилиб, автомобиль қатнови йўлга қўйилди. Йўл инфратузилмаси жаҳон андозаларига мос равишда барпо этилди. Умумий қатнов йўлидан ташқари автомашиналар учун алоҳида ички йўл ва пиёдалар йўлаклари, гулзорлар учун майдончалар бунёд этилди. Йўл бўйига ўрнатилган декоратив ёритгичлар кундузи кўчани кўркам қилса, тунда шаҳарлардаги каби чароғон этади. Мазкур йўлда амалга оширилган лойиҳага 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Ушбу йўналишда аҳоли учун коммунал қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, 14 километр масофада электр энергияси таъминотини яхшилаш учун 23 нимстанция ўрнатиш, 20 километр масофага ичимлик суви тармоғини тортиш, 100 дан ортиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш режалаштирилган. Айни пайтда улардан 40 таси фаолият бошлади, 100 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Изоҳ (0)