9 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» хабар берди.
Қарорда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатда соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлоднинг шаклланишини таъминлашга қаратилган самарали мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, мавжуд тизимли камчиликлар мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:
– мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги ҳолати тизимли муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳада замонавий иннновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти;
– мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг жорий ҳолати болаларни мактабгача таълим муассасалари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти, мамлакатда аҳоли сонининг ўсиши айрим мактабгача таълим муассасаларининг ҳаддан ташқари бандлигига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан давлат раҳбари томонидан қабул қилинган қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларинингинфратузилмасива моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Хусусан:
биринчидан, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида тажриба тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади:
– замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш мақсадида инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни беғараз ажратиш;
– инвесторларга мактабгача таълим муассасаларини, айниқса шундай муассасаларга юқори эҳтиёж мавжуд ва инфратузилмаси ривожланмаган ҳудудларда ташкил этиш учун зарур бўлган солиқ ва бошқа имтиёзларни тақдим этиш имконияти;
– инвесторлар томонидан ваколатли давлат органлари билан 50 йил муддатга тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув асосида лойиҳани амалга ошириш;
– инвесторлар томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда назарда тутилган шартларга, мактабгача таълим соҳасидаги давлат талабларига, санитария-гигиена нормаларига қатъий риоя этиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш бўйича мажбуриятларни қабул қилиш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари хизмати нархининг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлаш;
иккинчидан,Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериштўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилмоқда.
Мазкур тажриба якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шериклик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
«Йўл харитаси»га мувофиқ,
– сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талаблари, шу жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади;
– миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари замонавий талабларга мувофиқлаштирилади;
– ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишни соддалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилади;
– давлат мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник таъминотини яхшилаш бўйича чоралар кўрилади.
Қарорнинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинади.
Изоҳ (0)