Алишер Навоий номли кино саройида Жавоҳир Зокировнинг «Тошкентим онам» деб номланган фильмининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда журналист Феруз Муҳаммад маълум қилди.
Фильмлардаги салбий роллари билан танилган Жавоҳир Зокиров бундан олдин ҳам режиссёр сифатида «Тўйлар муборак 2» фильмини суратга олган. «Тошкентим онам» унинг режиссёр сифатидаги иккинчи фильми ҳисобланади.
Фильмда ролларни Жавоҳир Зокиров, Фарҳод Маҳмудов, Фарруҳ Зокиров, Райҳон Уласенова, Бобур Йўлдошев, Ирис Йўлдошева , Раъно Жўраева, Эркин Комилов, Нилуфар Камолова, Ирода Исмоилова, Шоҳида Исмоилова, Шаҳрибону Маликова, Элёр Носиров каби актёр ва актрисалар ижро қилган.
Фильмнинг кенг жамоатчилик учун мўлжалланган премьераси 15 сентябрь куни Алишер Навоий номли кино саройида бўлиб ўтади.