Telegram мессенжерида Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Мираббос Иноятов имзоси билан Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ)нинг Социология йўналишига 1 август куни ўтказилган кириш тест имтиҳонлари натижаларини бекор қилиш ҳақидаги ҳақиқийлиги шубҳа остида бўлган хат сурати тарқалди.

Фото: Telegram

Суратда хатнинг чиқарилган санаси ва тартиб рақамини кўриш мумкин. Унда, жумладан, Социология йўналишига «танланган» абитуриентлар ўқишга киргани билан боғлиқ далиллар борлиги муносабати билан, 1 августдаги тест имтиҳонлари натижаларини бекор қилиш, 3 октябрь куни қайта имтиҳон ўтказиш ҳақида кўрсатма берилган.

ЎзМУ ректорати девонхонасидан «Дарё»га маълум қилишларича, чиқиш санаси ва тартиб рақами суратдаги «ҳужжат»ники билан бир хил бўлган хат келиб тушмаган. «ЎзМУга келиб тушадиган барча хат-ҳужжатлар девонхона орқали ўтади. Биз вазирликдан белгилари ва мазмуни Telegram’даги сурат каби бўлган хат олмаганмиз», — деди девонхона ходими.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев ҳам Telegram’да айланиб юрган хатнинг ҳақиқийлигини рад этди. «У нотўғри, бўлмаган нарса. Шундай сохта нарса ясаб, кимдир ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган», — деди вазирлик вакили.

Давлат тест маркази вакиллари ҳам ЎзМУнинг Социология йўналишида 1 августдаги кириш тест имтиҳонлари натижалари бекор қилиниб, 3 октябрь куни такрорий имтиҳон ўтказилиши ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.

Мазкур ҳолат бўйича «Дарё» билан боғланган масъуллардан бирининг таъкидлашича, сохта хатга имзоси қўйилган вазир ўринбосари Мираббос Иноятов шу кунларда Навоий вилоятида ва унда Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасаларига бундай кўрсатма бериш ваколати йўқ.

Аввалроқ ЎзМУнинг Социология йўналишига кириш тест имтиҳонлари вақтида «шубҳали тасодифлар» рўй бергани — «махсус гуруҳлар» ишлагани ва «танланган абитуриентлар» ўқишга киргани ҳақида хабарлар берилган эди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов мазкур хабарларга тезкор жавоб қайтариб, университет раҳбарияти бундай ҳолатларга қарши фаол курашгани, бироқ «кўчадаги саноат» кучли эканини таъкидлаган эди. Шунингдек, ректор шубҳага тушган талабаларга нисбатан талаб кучайтирилишига ваъда берган эди.

ЎзМУдаги «шубҳали тасодифлар» бошқа олий таълим муассасаларида ҳам, хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети («Нархоз»), Тошкент педиатрия тиббиёт институти («САМПИ») ва Тошкент молия институтида ҳам қайд этилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.