Тошкентда Ўзбекистон аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган семинарда БМТнинг Европа иқтисодиёт комиссияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари С. Сайдалиев ва бошқалар тадбирда чиқиш қилди. Таъкидланишича, ичимлик суви таъминотини ривожлантириш бўйича муҳим дастурлар ва лойиҳаларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шаҳар ва туманларда, жумладан, қишлоқ жойларда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланмоқда. Мамлакат аҳолисининг 70 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Давлат раҳбарининг 21 апрелдаги «2017–2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарори бу бораги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва кредитларини жалб этиш ҳисобига ичимлик суви билан таъминланмаган кўпгина аҳоли пунктлари сифати ва хавфсизлиги бўйича замонавий талабларга мос келадиган сув билан таъминланмоқда.
БМТнинг Европа иқтисодиёт комиссияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан қабул қилинган Трансчегаравий сув ирмоқлари ва халқаро кўллар конвенциясидаги ичимлик суви ва саломатлик протоколи ҳам дунё аҳолисини тоза, сифатли ва чучук ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган йирик лойиҳалардан бири. Семинарда мазкур протоколнинг мазмун-моҳияти, унга аъзо бўлишнинг ҳуқуқий асослари ва манфаатли имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Семинарда кичик ҳажмдаги ичимлик суви таъминотидаги ишларни ташкиллаштириш ва сув сифатини яхшилаш борасида самарали усулларни кўриб чиқиш, қишлоқ аҳоли яшаш пунктларига тоза ичимлик суви етказиб беришга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Изоҳ (0)