Афғонистоннинг Нангархар вилоятидаги Жалолобод шаҳрида ИШИД жангарилари маҳаллий сиёсатчининг уйига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
30 август куни эрталаб жангарилар Афғонистон парламенти қуйи палатаси аъзоси, собиқ спикер ўринбосари Заҳир Қодирнинг уйига ҳужум уюштирди. Ҳужум иштирокчиларидан бири худкуш нимчасини ҳаракатга келтирди. Бунинг оқибатида икки қўриқчи ҳалок бўлди. Қўриқчилардан яна бири жароҳатланди.
Жангарилардан бири бошқа қўриқчилар томонидан отиб ташланди. Унинг эгнидаги худкуш нимчаси зарарсизлантирилди.
Ҳужум пайтида Заҳир Қодир уйда эмас эди.
Собиқ спикер ўринбосари ИШИДга қарши қаттиқ позицияда эканлиги билан машҳур.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)