Ўзбекистон ҳукумат порталида Биринчи Президент Ислом Каримовнингга бағишланган мақола чоп этилди. Унда Ислом Каримов фаолияти ҳақида «Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари келтирилди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, ўз умрини элу юрт равнақига бағишлаган Ислом Каримов вафот этганига саноқли кунлардан сўнг бир йил тўлади.
Биринчи Президентимиз мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг фидойи, садоқатли фарзанди сифатида хотирамизда мангу яшайди.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотираси куни арафасида ўтказилган сўров бу инсоннинг мустақил давлатимиз ривожида тутган ўрни ҳақида ҳамюртларимизнинг фикрларини аниқлаш имконини берди. Унда мамлакатимиз ҳудудларида яшовчи турли миллатга мансуб аҳоли барча қатлами вакилларидан иборат 1100 киши иштирок этди.
Мустақил давлат асосчиси, бош меъмори
Ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, 25 йил давомида Ўзбекистон Президенти бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабарни кўп миллатли халқимиз чуқур қайғу билан қабул қилди. Бинобарин, Биринчи Президент мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун қадрдон ва азиз кишига айланган эди.Ислом Каримов ўзининг кўп қиррали сиёсий фаолияти ҳамда олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. Сўровда ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги — 98,8 фоизи Биринчи Президентни мустақил давлатимиз асосчиси деб ҳисоблайди. Улар таъкидлаганидек, Биринчи Президент Ўзбекистон халқи учун янги давлатни барпо этишдек тарихий қарор қабул қилди ҳамда миллий тикланишнинг ўтиш давридаги масъулиятни ва машаққатни зиммасига олди.
Собиқ тузумдан ажралиб чиққан бошқа давлат раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Ислом Каримов ўз халқини қурбонларсиз ва «рангли» инқилобларсиз миллий тараққиёт йўлига бошлади. 96,5 фоиз респондент фикрича, Ислом Абдуғаниевич «Мамлакат ҳаётининг барча соҳасидаги ўзгаришларнинг бош ислоҳотчиси ва ғоявий илҳомчиси» эди. Унинг давлатимизни модернизациялаш бўйича ғоялари, фикру қарашлари мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққий топтириш стратегиясининг назарий ҳамда амалий асоси бўлди.
Шунингдек, мустақилликка эришилган пайтдан бошлаб Ўзбекистон Ислом Каримов раҳбарлигида Марказий Осиёдаги асосий давлат сифатида мустаҳкам қарор топди, ҳам ички сиёсатда, ҳам халқаро майдонда катта муваффақиятларга эришди, ўзини минтақадаги ва умуман, жаҳондаги хавфсизликнинг фаол тарафдори сифатида намоён қилди. Буни тадқиқотнинг 95,6 фоиз иштирокчиси қайд этган.
Собитқадам ва босқичма-босқич
Мазкур сўровда Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолиятининг энг муҳим даврлари хусусида ҳам жамоатчилик фикри ўрганилди. Респондентлар Ислом Каримовнинг йўлбошчилик ҳамда инсонийлик фазилатлари 1989–1991 йилларда яққол намоён бўлганини таъкидлаган. Маълумки, бу даврда Ўзбекистон чуқур ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолган эди.Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида собиқ Иттифоқда таназзул жараёни тезлашди, кўп йиллар давомида ҳал қилинмаган муаммолар халқнинг сабр косасини тўлдирди ва бу ижтимоий ларзаларга ҳамда миллий адоватга олиб келди. Ана шундай мураккаб даврда Ислом Каримов фуқароларда ижтимоий адолат ва келажакка ишончни қайта тиклай олди, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ҳақиқий моҳиятини, илдизини очиб бериб, миллатлараро муносабатларни барқарорлаштирди, Ўзбекистонда тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлади.
Сўров иштирокчилари 1992–2000 йилларни Ўзбекистон давлатчилигининг шаклланиши ва мустаҳкамланиши билан боғлиқ тарихий давр, деб ҳисоблайди. Биринчи Президентнинг бевосита раҳбарлигида демократик талабларга ҳамда халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Конституциямиз ишлаб чиқилди.
Фуқаролар фикрича, 2001–2010 йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини шакллантириш, 2010–2016 йилларда иқтисодиётни модернизациялаш ҳамда мамлакатни ривожлантиришнинг янги босқичида Биринчи Президент шахсининг роли ва таъсири муҳим бўлди.
Босқичма-босқич ҳамда кенг кўламли ислоҳотлар натижасида халқнинг турмуши яхшиланди, соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт соҳаларида юксак муваффақиятларга эришилди, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ривожланди, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошди.
Эзгу ғояларнинг ҳаётбахш самараси
Ижтимоий сўровда «Замонамизнинг буюк давлат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан илгари сурилган қайси фикрлар, ғоялар ҳамда ташаббуслар, Ўзбекистонни янгилаш, ривожлантириш ва гуллаб-яшнатишга қаратилган қайси сиёсий қарорлар, сизнинг фикрингизча, энг муҳим ҳисобланади?» деган саволга мутлақ кўпчилик, яъни 93,4 фоиз иштирокчи тараққиётнинг «Ўзбек модели» деб жавоб берди. Ушбу модель эркин, адолатли, демократик давлат барпо этишга ёрдам берувчи, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминловчи бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишни назарда тутади.92,8 фоиз респондент шунга қатъий ишонч билдирдики, миллий-маънавий қадриятларимизнинг қайта тикланиши Биринчи Президентимизнинг асосий хизматларидан биридир. Ўзбекистонликлар халқимизнинг тарихий ҳамда маданий меросига, ўзбек тилининг нуфузини оширишга, шунингдек, юртимизда яшовчи турли миллат вакилларига ўз миллий маданиятларини ривожлантириши учун тенг шароит яратишга алоҳида эътибор қаратгани учун Ислом Каримовдан миннатдор.
Респондентларнинг 91,2 фоизи эса суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, уни инсон ҳуқуқларини самарали муҳофаза этишнинг асосий кафолатига айлантириш соҳасидаги ислоҳотларни ғоят муҳим аҳамиятга молик, деб ҳисоблайдилар.
Сўров жараёнида қатнашчиларнинг 84,5 фоизи Ислом Каримов ташаббуси билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўлидаги амалий ишларни юқори баҳолади.
Тадқиқотда иштирок этган 89,8 фоиз фуқаронинг фикрича, Биринчи Президент ҳокимият тармоқларининг бўлиниши ҳақидаги конституциявий қоидани амалга ошириш, улар ўртасида ўзаро мувозанат ҳамда тийиб туришнинг самарали тизимини яратиш, марказда ва минтақаларда қонунчилик ҳамда вакиллик органларининг ролини кучайтириш учун барча зарур чораларни кўрди.
78,9 фоиз респондент Ислом Каримовнинг ёш авлод саломатлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва болалар спортини ривожлантириш соҳаларига биринчи даражали вазифа сифатида ёндашганига урғу берган.
Узоқни кўзлаб олиб борилган ташқи сиёсат
Сўровда 98,7 фоиз ҳамюртимиз Биринчи Президент раҳбарлигида Ўзбекистон ҳар томонлама вазмин, миллий манфаатларга асосланган ташқи сиёсат олиб борганлигини қайд этди. Кўпчилик — 97,6 фоиз респондентнинг ишонч билдиришича, «Бошқа давлатларга нисбатан муносабатларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид солмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик» қоидаларига қатъий риоя этиш ташқи сиёсат соҳасида Ислом Каримовнинг бош ютуғи бўлди.Биринчи Президентимизнинг Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш ғояси, ўзбекистонликларнинг фикрича, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссасидир.
92,5 фоиз иштирокчи мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиши ҳамда ушбу таъсирчан, нуфузли халқаро ташкилот доирасида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фан, маданият ҳамда таълимни ривожлантириш масалалари бўйича кенг миқёсли ҳамкорликни Биринчи Президентнинг ташқи сиёсий фаолиятидаги муваффақиятлардан бири сифатида кўрсатди.
Ислом Абдуғаниевич жаҳон ҳамжамиятини халқаро терроризм хавфи ҳақида огоҳлантирган, дунё мамлакатларининг, йирик халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг куч ҳамда саъй-ҳаракатларини терроризмга, сепаратизм, диний экстремизмга қарши бирлаштиришга даъват этган илк сиёсатчиларнинг бири саналади. Айнан Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2004 йилнинг январидан эътиборан Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Ижроия қўмитаси ўз фаолиятини бошлаган.
Янги иқтисодий шароитда
Мустақиллик йилларида Ислом Каримовнинг раҳбарлиги остида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб олти марта ўсди. Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизгача кўпайди. Кейинги ўн йилдан ортиқ вақт давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор сақланиб қолинди. Қувонарлиси, Ўзбекистон иқтисодиёти энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторига кирди.Инвестициявий сиёсат, саноатнинг янги юқори технологик тармоқлари, жумладан, нефть-кимё, кимё, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, тўқимачилик жадал ривожланмоқда.
Ислом Абдуғаниевичнинг чуқур ўйланган ҳамда вазмин сиёсати туфайли мамлакатда жаҳон мезонлари бўйича ноёб иншоотлар қурилди. Устюрт ва Шўртан газ-кимё мажмуалари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, автомобиль заводлари шулар жумласидандир.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистонда замонавий йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси барпо этилди. Хусусан, Қамчиқ довони орқали ноёб туннелга эга бўлган Ангрен-Поп темир йўл линияси қурилди. Темир йўлларда юқори тезликдаги қатнов йўлга қўйилди, халқаро аеропортлар модернизация қилинди.
Шу билан бирга, юртимизда хусусий мулкни, тадбиркорлик ва кичик бизнесни равнақ топтириш учун кенг имкониятлар яратилди. Ўзбекистонда янги ижтимоий қатлам — тадбиркорлар синфи пайдо бўлди.
Жамоатчилик фикри сўрови давомида ўзбекистонликлар Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг раҳбарлиги остида шаҳару қишлоқларимизда, пойтахтимизда рўёбга чиқарилган бунёдкорлик ишларини алоҳида таъкидладилар.
Ёрқин хотираси ҳамиша ёдимизда
Дарҳақиқат, Ислом Каримов ўзининг бутун ҳаётини то сўнгги кунларигача Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлади.Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, мамлакатимизда ҳар йили 2 сентябрь — Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти хотираси куни сифатида белгиланди. Бу қарор она Ватанимиз мустақиллиги, элу юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматларини инобатга олган ҳолда, Биринчи Президентимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадини назарда тутади.
Бинобарин, ижтимоий сўров қатнашчиларининг якдиллик билан қайд этишича, Биринчи Президентимиз авлодлар хотирасида Ўзбекистонни фаол ривожланаётган замонавий давлатга айлантирган, салоҳиятли ва донишманд раҳбар, ўз мамлакатининг, ўз ватандошларининг манфаатларини бутун қалби, бутун борлиғи билан ҳимоя қилган инсон ҳамда сиёсатчи сифатида муҳрланиб қолади.
Изоҳ (0)