Тошкентдаги «Истиқлол» саройида 25 август куни Ўзбекистон Президентининг ёш истеъдодлар учун таъсис этган «Ниҳол» мукофотининг янги соҳибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
2016 йил октябрь–ноябрь ойларида «Ниҳол» мукофоти танловининг туман (шаҳар) саралаш босқичлари ўтказилганди. Унда 13 мингдан ортиқ ижодкор ёш ўз маҳоратини намойиш этди. Уларнинг энг муносиблари республика босқичида қатнашиб, мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, эстрада, опера ижрочилиги, рақс санъати йўналишларида ўз мусиқий дастурини «Ниҳол» мукофоти республика кенгаши аъзолари, мутахассислар ва экспертлар, кенг жамоатчилик, санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этди.
«Бугун ёш хонанда ёки мусиқа ижрочилари учун мисли кўрилмаган шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда, — деди мукофот соҳиби — сурхондарёлик Қаҳрамон Рашидов. — Бундай катта эътибор бизни янада фаол бўлишга, Ватанимиз, халқимиз, устозларимиз олдидаги масъулиятни, ижодий бурчимизни янада теранроқ англашга, билдирилаётган юксак ишончни оқлашга, унга муносиб бўлишга ундайди».
Тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева сўзга чиқди.
Изоҳ (0)