Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов гроссмейстерлик учун иккинчи қадамни ташлади. Бу ҳақда «Оламспорт» нашри Uzbekistan 24 га асосланиб хабар берди.
Гроссмейстер мақомига эришишнинг 3 та шарти бор. Абдусатторов унинг биринчисини Санкт-Петербургдаги мусобақада бажаришга эришган бўлса, иккинчи қадамни Абу-Дабида ташлади. Дунёнинг 33 мамлакатидан ташриф буюрган 124 шахматчи иштирок этган мусобақада Нодирдек бирорта ҳам партияни мағлубият билан якунламади.
У дона сурган 9 учрашувнинг 5 тасида ғолибни аниқлаб бўлмади. Яна 4 тасида ўзбекистонлик шахматчининг қўли баланд келди. Якунда 6,5 очко тўплаган Нодирбек Абдусатторов мусобақани 8-ўринда тугатишга муваффақ бўлди. У жамғарган 2608 балл бу борада гроссмейстерликнинг 2-талаби учун етарли бўлди.
Абу-Дабидаги турнирда бир қатор гроссмейстерлар иштирок этганди. Шулардан 5 нафари турнирнинг энг ёш иштирокчиси бўлган Нодирбекка қарши дона сурди ва бирортаси ҳам зафар қуча олмади. Гроссмейстерларнинг 2 нафарини таслим қилган спортчи, яна 3 нафари билан дуранг қайд этди.
Uzbekistan 24 каналининг маълумот беришича, 12 ёшида гроссеймейстерлик талабини бажариш фақатгина россиялик Сергей Карякинга насиб қилган. Нодирбек Абдусатторов Куала-Лумпурда бўлиб ўтадиган навбатдаги мусобақада 3-талабни бажариб, гроссмейстерга айланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)