Бухоро туманидаги Работак қишлоғида янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган замонавий уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.
Работак қишлоғида 42 замонавий уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳовли тўйини нишонлайдиганлар орасида Президент совғаси сифатида уй калитини олган олти нафар эҳтиёжманд оила вакиллари ва жисмоний имконияти чекланган фуқаро ҳам бор.
Тадбирда ёш оилаларга Президент совғаси сифатида ётоқхона мебели, ошхона жиҳозлари, музлаткич, телевизор, чангютгич, кир ювиш машинаси топширилди.
Шу куни Работакда ижтимоий кўмакка муҳтож 15 фуқарога жорий йилда фойдаланишга топшириладиган уйларга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер берилди.
Янгиланган намунавий лойиҳалар асосида вилоят қишлоқларида жорий йил охирига қадар яна 200 уй қурилиб, 20 таси эҳтиёжманд оилаларга ажратилишини таъкидлаш керак. Тадбирда ушбу фуқароларга Президент совғаси сифатида уйнинг бошланғич бадали тўлангани тўғрисида сертификатлар топширилди.
«Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти томонидан уй-жойга муҳтож ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган 35 фуқарога тикув машинаси берилиб, касаначилик шартномаси асосида ишга жойлаштирилди.
Боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар 26 нафар фарзандининг суннат тўйи ҳам ўтказиб берилди. Болажонларга ҳомийлар томонидан совға-саломлар топширилди.
Изоҳ (0)