Дилшод Нуралиев бошчилик қилаётган футбол бўйича Ўзбекистон U16 терма жамоаси Польшада бўлиб ўтадиган халқаро турнирда иштирок этиш таклифини олди, деб ёзди ЎФФ матбуот хизмати.
Халқаро турнирда мезбонлардан ташқари Венгрия, Бельгия, Норвегия, Португалия, Руминия, Украина ва Ўзбекистон термалари иштирок этади. Мусобақа 28 август куни старт олади ва 3 сентябрь куни якунига етади.
Регламент бўйича иштирокчи саккиз мамлакат икки гуруҳга бўлинди. Ўзбекистон U16 термаси унинг «А» гуруҳида Бельгияга қарши майдонга тушади. Ғолиб жамоа Польша — Венгрия ўйини ғолиби билан беллашади. Мағлублар ҳам ўзаро кураш олиб боради.
«B» гуруҳида Норвегия — Португалия ва Руминия — Украина ўйинлари ташкил қилинади. Ҳар икки гуруҳ якунига кўра, уларнинг ғолиблари ўзаро тўқнаш келиши ёки келмаслиги масаласи очиқланмаган.
Дилшод Нуралиев Европадаги турнирга 20 нафар футболчи билан йўл олади. Унинг жамоаси 16 сентябрь куни Осиё Чемпионатининг саралаш турнирида иштирок этади. Польшадаги турнир бу борада тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
Изоҳ (0)