Фавқулодда вазиятларда аҳолини огоҳлантиришнинг автоматлаштирилган тизими бутун Ўзбекистон ҳудудида 2018–2022 йиллар орасида босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳукуматнинг тегишли қарорида назарда тутилган, деб хабар беради Uz24.
«Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2018 йилдан 2022 йилга қадар амалдаги огоҳлантириш тизимини демонтаж ва модернизация қилиб, республика ва маҳаллий даражада аҳолини огоҳлантиришнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич эксплуатацияга киритишни амалга оширсин», — дейилади ҳужжат матнида.
Ҳужжатга мувофиқ, тизим тўрт босқичда — объектлар, локал, маҳаллий ва республика даражасида ахборот марказлари, терминал комплекслар ва тақсимловчи автоматлаштирилган тизимлар асосида ишлайди.
Аҳолини фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш бўйича тадбирлар раҳбарияти ва координациясини ФВВ амалга оширади.
Илгари вазирлик вакиллари автоматлаштирилган тизимнинг яратилиши ишни оммавий телекоммуникация воситалари — мобил алоқа, радио ва телевидение билан уйғунлаштириб, зарур ахборотни аҳолига тезкор етказиш имконини беришини билдирган эди. Амалдаги тизимлар фақат огоҳлантириш тизимларини ишга тушириш имкониятини беради.
Изоҳ (0)