Испаниянинг Барселона шаҳрида содир бўлган терактда қурбон бўлганлар ва жабрланганлар орасида 33 мамлакат фуқароси бор. Бу ҳақда, Каталония фавқулодда хизматларига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Илгарироқ жабрланганлар 18 мамлакат фуқароси эканлиги билдирилган эди.
Бу мамлакатлар — Австрия, Австралия, Жазоир, Аргентина, Марокаш, Колумбия, Миср, Испания, Франция, Германия, Нидерландия, Венесуэла, Бельгия, Перу, Руминия, Ирландия, Венгрия, Куба, Греция, Македония, Гондурас, Мавритания, Италия, Доминикан Республикаси, Буюк Британия, Покистон, Канада, Эквадор, АҚШ, Филиппин, Кувайт, Туркия ва Хитой.
Барселонада 17 август куни теракт юз берди: шаҳарнинг пиёдалар юрадиган асосий кўчаси — Рамблада юк машинаси катта тезликда пиёдалар устига бостириб борди.
Яқинда терактда гумон қилинаётган тўртинчи шахс ушланди. Биринчи гумондорнинг сурати Испания матбуотида эълон қилинган эди. Бироздан сўнг у қўлга олингани маълум бўлди. Иккинчи гумондор отиб ташланди.
Охирги маълумотларга қараганда, Барселонадаги теракт оқибатида 14 киши ҳалок бўлган.
Испанияда Барселонадаги теракт қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди.
Изоҳ (0)