Барселона ҳаётимда ўчмас из қолдирадиган бўлди. «Камп Ноу» стадионидан чиқиш арафасида аёлимда дард бошлангани ҳақида билдим. Бироз ўтиб унинг кўзи ёриди ва Севинчим дунёга келди, етказганига шукр.
Ичимдан қандай кечинмалар ўтганини сўз билан тушунтириш қийин. Шу куни юзлаб табрикномалар, қўнғироқлар бўлди. Биринчилардан бўлиб эса саёҳатдошларим ҳисобланган футбол мухлислари қувончли хабардан воқиф бўлишди. Кайфият ўзининг юқори чўққисига чиқиб, кун давомида бизга ҳамроҳлик қилди.Barcelona City Tour
Туристлар учун мўлжалланган икки қаватли автобуслар бутун Барселона бўйлаб саёҳат учун мўлжалланган. Улар ҳар 5 дақиқада бекатга етиб келади. Сиз кун аввалида унинг учун чипта сотиб олиб, автобусдан истаганингизча фойдаланишингиз мумкин. Шаҳарда сизни қизиқтирган жой чиқса, бемалол тушиб қолаверинг ва кейингисида бамайлихотир давом этинг. Автобус радиоси 15 хил тилда сизга Барселона ҳақидаги маълумотларни етказиб туради.
Ҳа, айтганча, Барселона трамвайи ҳам Франкфуртникидан қолишмайди ва шаҳарга ўзгача чирой бағишлайди. Шунчаки ундан қандай фойдаланишни билиш керак, холос. Кетма-кет икки шаҳардаги таассурот Тошкент учун ўтмишга айланган трамвай йўналишлари ҳақида ўйга толдиради.
«Камп Ноу»
Биз жой олган отелдан орзулардаги стадионга қадар пиёда 15 дақиқалик йўл. Дунёнинг энг олди футболчилари тўп сурадиган жамоа стадионига саёҳат бизни ҳайрат кўчасига етаклади. Стадионга ҳар дақиқа оқиб кираётган мухлислар ва улар жамоага келтираётган фойдани ҳисоблаб кўриб, «Барселона»нинг нақадар қудратли клуб эканига яна бир бор амин бўлишингиз мумкин.Стадионда сизга нима қизиқ? Дўконлар? Матбуот анжумани зали? Ечиниш хонаси? Балки энг яхши трибуналар, шарҳловчилар хонаси, стадион майсасининг ўзи сизни кўпроқ қизиқтирар? Мухлислар ўзлари истаган нарсаларни кўришлари учун клуб барча шароитни яратиб қўйган. Ҳаммаси аъло даражада йўлга қўйилган. Azimut Travel келажакда ҳам Испанияга футбол саёҳатларини режалаштирган, сиз улардан бирида иштирок этиб, буларни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Саёҳат давомидаги батафсил маълумотлар «Туризм» газетаси саҳифаларида бўлади.
Ўрта ер денгизи
Барселонадек гўзал ва бетакрор шаҳарни топиш қийин бўлса керак. Замонавийлик билан уйғунлашган кўҳна тарих, тоғ ва денгиз оралиғида жойлашган ажойибот. Сиз ўзингизни «Граф Монте Кристо» асаридаги саёҳатчилардек ҳис қилишингиз учун етарлича таассурот бера оладиган ўлка.Саёҳат давомида Каталония мустақиллигини истовчилар кўп эканлигини уйлар ойнасига осиб қўйилган байроқлардан ҳам билиш мумкин. Барселонадаги ҳар уч одамдан бири саёҳатчи экани, бу ўлка туризмдан қандай катта даромад қилишини кўрсатиб турибди. Бу ер Испания учун жуда катта аҳамият касб этадиган макон эканини тушуниш қийин эмас.
Бугун «Эль-Класико»
12 август воқеалари ҳақида кичик бир китоб ёзиш мумкин. Бир кун учун керагидан анчагина кўп таассуротлар борки, уларнинг барчасини бирданига етказиб бериш қийин.Бугун бизни биринчи «Эль-Класико» кутиб турибди. Ўйинга тайёргарлик Барселонада анчагина катта. Кеча Ўрта ер денгизи соҳилларини кемада айланган бўлсак, бугун унинг қирғоқларида дам олиш имконига эгамиз. «Эль-Класико»ни якунлаб, бироз дам олиб, эрта тонгда Мадрид бўйлаб йўлга чиқамиз.
Azimut Travel мухлислар талаб ва истагидан келиб чиқиб, Испания ва Англия бўйлаб навбатдаги футбол турнеларини ташкил қилади. Мазкур саёҳат якунига етганидан кўп ўтмай, кейингиси ҳақида батафсил маълумот берилади.
Изоҳ (0)