9 август куни КХДР Олий суди Канада фуқароси Лим Хён Суни озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Канадалик пастор бир ярим йил аввал Шимолий Кореяга қарши «душманлик ҳаракатлари» учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
2017 йилнинг июнида КХДР ҳукумати инсонпарварлик нуқтаи назаридан яна бир чет эллик маҳбус — талаба Oттo Вомбиерни авф этди. У қамоқда комага тушган ва уйига қайтгандан кейин вафот этган.
Чет элликларнинг КХДРда қамоққа олиниши билан боғлиқ овозали ҳолатлар «РБК» таҳлилномасида.
Эван Ханцикер (ўнгда), АҚШ
1996 йилнинг августида КХДРда баҳслашгани туфайли маст ва яланғоч ҳолда Хитой ва Шимолий Корея чегарасидаги дарёни сузиб ўтган америкалик Эван Ханцикер ҳибсга олинди. У ҳибсга олингандан сўнг жосусликда айбланди, чунки унинг онаси ва собиқ рафиқаси Жанубий Корея фуқаролари эди. Ханцикер меҳмонхонада кузатув остида сақланди, музокаралар ва яшаш учун харажатлар тўлангандан кейин қўйиб юборилди. У АҚШга қайтди ва бир неча ойдан сўнг ўз жонига қасд қилди. Унинг жонига қасд қилишига алкоголизм ва наркотиклар билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, собиқ хотинига қайта олмаганлиги сабаб қилиб кўрсатилди. Аляска суди унинг рафиқаси билан учрашишини тақиқловчи хатлов чиқарган эди.
Роберт Пак, АҚШ
2009 йилнинг охирида КХДРда чегарани ноқонуний кесиб ўтганлиги учун асли келиб чиқиши кореялик бўлган америкалик активист Роберт Пак ҳибсга олинди. У қамоқда 43 кун ўтказгандан сўнг озод қилинди.
Кейинроқ у интервьюларидан бирида қамоқда калтаклаш, зўрлаш ва жинсий зўравонликка дучор бўлганлигини ҳикоя қилади. Унинг сўзларига қараганда, қамоқдан озод этилгандан сўнг у руҳий касалликлар шифохонасида даво курсини ўтишга мажбур бўлган.
Лора Лин (чапда) ва Юна Ли, АҚШ
2009 йилнинг мартида КХДРда икки америкалик журналист Лора Лин ва Юна Ли ҳибсга олинди. Улар КХДРдан қочиб кетганлар ҳақида репортаж тайёрлаётган эди. Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳибсга олиш сабаби қилиб кўрсатилди, бироқ журналистлар чегарачилар уларни Хитой ҳудудида ҳибсга олганлигини таъкидлади. Натижада америкалик журналистлар 140 кунни қамоқда ўтказди ва бу вақт давомида бир-биридан ажратиб қўйилди. Улар АҚШ собиқ президенти Билл Клинтоннинг аралашувидан сўнг озод этилди. Клинтон бунинг учун атайлаб Пхеньянга келди. Журналистлар кейинчалик қамоқхонада сақлаш шароитлари ҳақида ҳикоя қилишдан бош тортиб, тафсилотлар уларни эслаш учун жуда оғриқли эканлигини маълум қилди.
Кеннет Бэй, АҚШ
2013 йилда Шимолий Кореяда АҚШ фуқароси, миссионер Кеннет Бэй ҳибсга олинди. У «душманлик ҳаракатлари»да айбланиб, 15 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Оқибатда Бэй Шимолий Корея қамоқхонасида 735 кунни ўтказди.
Озод қилингандан кейин Бэй интервьюда меҳнат лагеридаги дахшатли сақлаш шароитлари, шунингдек, ҳибсда эканлигида 27 килограммга озганлигини маълум қилди. Ҳибсга олишнинг дастлабки тўрт ҳафтасида у ҳар куни 8:00 дан 22:00 ёки 23:00 гача сўроқ қилинган. Унинг сўзларига қараганда, жисмоний босимга руҳий босим ҳам қўшилган.
Мэррил Ньюман, АҚШ
2013 йилнинг октябрь охирида КХДРда Корея уруши ветерани 85 ёшли америкалик Мэррил Ньюман ҳибсга олинди. У уруш даврларидаги жиноятларда айбланди. Мэррил Шимолий Корея телевидениесида чиқиш қилди ва айбини тан олди.
Америкалик ветеран бир ойдан сўнг озод қилинди, шундан сўнг айбини босим остида тан олганлигини маълум қилди. Ньюман КХДРда сақлаш шароитларидан шикоят қилмаган ва меҳмонхона хонасида сақланганлиги ҳамда ўзини қулай ҳис қилганлигини таъкидлайди.
Айжалон Гомес, АҚШ
2010 йилнинг январида чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик учун АҚШ фуқароси Айжалон Гомес қўлга олинди. Ўша йилнинг апрелида у саккиз йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. КХДР ҳукумати АҚШ Пхеньянни Жанубий Кореянинг ҳарбий кемасини торпеда билан ҳужум қилганликда айблашда давом этса, Гомесга нисбатан ҳарбий давр қонунларини қўллашини маълум қилди.
Кейинги ой Гомес ўз жонига қасд қилишга уринди, бироқ уни қутқариб қолишди ва госпиталга жойлаштиришди. Воқеалар якунида у АҚШ собиқ президенти Жимми Картернинг аралашуви билан 2010 йилнинг августида озод қилинди.
Метью Миллер, АҚШ
2014 йилнинг апрелида учиб ўтиш давомида визасини йиртиб ташлаган ва Шимолий Корея ҳукуматидан унга бошпана беришни сўраган америкалик сайёҳ Метю Миллер ҳибсга олинди. У шу усул орқали сайёҳликдан ташқари Кореяни кўриш ва аҳоли билан юзма-юз танишишни кўзлаганлиги аниқланди. У бошпана олиш учун терговчиларни ҳарбий сирларни билишига ишонтиришга уринди.
Шу йилнинг кузида у олти йиллик мажбурий меҳнатга ҳукм қилинди, бироқ тез орада озод қилинди ва АҚШга юборилди.
Жеффри Фоул, АҚШ
2014 йилнинг майида КХДРни тарк этишга уринган америкалик Жеффри Фоул ҳибсга олинди. У давлатга қарши жиноятларда айбланди: КХДРда миссионерлик фаолияти, Библия ва бошқа муқаддас китоблар тақиқланган, Фоул эса Библияни Чхонжин шаҳри ресторанларидан бирининг ҳожатхонасида унутиб қолдирган. Китоб муқовасида сайёҳнинг исми, телефон рақами ва оиласи сурати бўлганлиги учун КХДР ҳукумати уни топишга эришган. У олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ музокаралардан сўнг озод қилинган ва 2014 йилнинг кузида уйига қайтган.
Oттo Вомбиер, АҚШ
2016 йилнинг январида беш кунлик сайёҳлик сафари давомида КХДР ҳукумати америкалик талаба Oттo Вомбиерни қўлга олди. Талаба ташвиқот плакатини ўғирлаганлиги учун 15 йиллик лагерга ҳукм қилинди. 2016 йилнинг мартида у айбини тан олди.
2017 йилнинг июнь ойи ўрталарида Вомбиер озод қилиниб, АҚШга юборилди. КХДР у инсонийлик нуқтаи назаридан озод қилинганлигини маълум қилди. Пхеньянда таъкидланишича, у қамоқда эканлигида ботулизмга чалинган. Бироқ америкалик шифокорлар унда юқоридаги хасталик аломатларини аниқламаганлигини билдирди. Шимолий Корея ҳукумати Вомбиер ухлатувчи дори қабул қилгандан сўнг комага тушганлигини маълум қилди. У кома ҳолатида АҚШ ҳукуматига топширилган. Талаба даволаш учун Цинциннати университети тиббий марказига юборилди, бироқ у ерда Вомбиер вафот этди.
Ким Дон Чхоль, АҚШ
2016 йилнинг апрелида КХДР суди америкалик бизнесмен Ким Дон Чхолни ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У Жанубий Корея фойдасига жосуслик қилишда айбланди. У 2015 йилнинг октябрида истеъфодаги шимолий кореялик ҳарбий хизматчи билан учрашув давомида ҳибсга олинди.
Суддан бир ой аввал КХДР ҳукумати томонидан ташкил этилган матбуот-конференциясида Ким Дон Чхоль гўёки Жанубий кореялик ҳарбийлар билан ҳамкорликда жосуслик қилишга уринганлигини тан олди. Унинг озод этилганлиги ёки кейинги тақдири номаълум.
Лим Хён Су, Канада
2017 йилнинг 9 августида КХДР Олий суди Канада фуқароси Лим Хён Суни бир ярим йиллик қамоқдан сўнг инсонпарварлик нуқтаи назаридан озод қилиш ҳақидаги қарорни қабул қилди. У 2015 йилнинг декабрида Шимолий Кореяга нисбатан душманлик руҳидаги фаолияти учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Канадалик пастор КХДРга «гуманитар фаолият» учун келган. Тергов фикрича, у «КХДР олий раҳбарияти обрўсини» камситган, шунингдек, Шимолий Корея режимини издан чиқариш учун диндан фойдаланишга уринган.
Изоҳ (0)