Тошкент ҳокимияти шаҳар кўчаларидаги ажратувчи тўсиқларни демонтаж қилиш бўйича ишларни давом эттиради. Бу ҳақда ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саидумар Аглаев баёнот берди, деб хабар қилади «Газета.uz».
Унинг сўзларига қараганда, қарор Президентнинг виртуал қабулхонасига қарор билан боғлиқ келиб тушган кўплаб таклифлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинган.
«Машина тез кетаётганда тўсиқлар узлуксиз девордай кўринади. Улар ҳайдовчиларга пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳаларда халақит беради. Аҳоли — пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг тилакларини инобатга олган ҳолда биз бу ишларни бошладик», — деди Саидумар Аглаев.
У тўсиқларнинг аниқ узунлиги ҳамда уларни ўрнатишга кетган маблағ ҳақида аниқ маълумот бера олмади, аммо демонтаж бошқарманинг ўз маблағи ҳисобига амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.
Демонтаж қачонгача давом этиши ҳали аниқ эмас. Айни пайтда йўл ажратувчилар Мустақиллик шоҳкўчаси ҳамда Навоий кўчасидан олиб ташланди.
Олиб ташланган тўсиқлар туман ҳокимиятларига топширилади, улардан эса тегишли ташкилотларга етказилади. Уларни каналлар бўйида ажратувчи сифатида фойдаланиш мумкинлиги айтилмоқда.