Франция ҳукумати мамлакат президенти Эмманюэль Макроннинг рафиқаси Брижит биринчи хоним мақоми учун маош олмаслигини билдирди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот котиби Кристоф Кастанер баёнот берди, деб хабар қилади Meduza.
Кастанер «Change.org» сайтида очилган петицияга шу тариқа жавоб берди. Петиция муаллифлари Франция президентининг рафиқаси биринчи хоним расмий мақомини бермаслик ҳамда унга маош тайинламасликни талаб қилиб чиққан эди.
Унинг сўзларига қараганда, конституцияга ҳеч қандай ўзгартириш киритилиши режалаштирилмаяпти, шунингдек, мамлакатнинг биринчи хоними мансаби учун қўшимча бюджет ажратилмайди. Биринчи хоним мақоми Франция қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилмаган бўлиб, кўрилаётган чоралар шунчаки президент рафиқасининг мажбуриятларини белгилаб қўйиш ҳамда Франция ҳокимиятининг шаффофлигини таъминлашга қаратилгандир.
«Гап унинг иши ҳақида эмас, мақоми ҳақида кетмоқда. Иш рағбатлантирилади. Республика президентининг рафиқаси бундай моддий рағбат олмайди, у ҳар доим президент билан юрса ҳам бу ўзгармайди», — деди Кастанер.
Изоҳ (0)