Исроилда ўқув-машғулотлари пайтида Apache ҳарбий вертолёти ҳалокатга учради. Нохуш ҳодиса оқибатида бир нафар учувчи ҳалок бўлди, иккинчиси эса оғир жароҳат олди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигига асосланиб AP маълум қилди, деб хабар берди «РБК».
Идоранинг маълумотларига кўра ҳодиса Исроил жанубидаги Рамон ҳарбий ҳаво кучларининг авиабазасида содир бўлган. Вертолёт учиш-қўниш йўлаги ёнига қулаб тушган. Ҳалок бўлган учувчи 43 ёшли майор Давид Зохар эканлиги маълум қилинди. Иккинчи учувчи эса шифохонага етказилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, аварияга техник носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Тергов ишлари тугагунига қадар Исроил Мудофаа вазирлиги ҳарбий самолётларнинг парвозини тақиқлаб қўйди.