Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳони билан боғлиқ саволларга изоҳ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар қилди.
Абитуриентлар ва ОТМ вакилларининг ўзлари ҳам тест саволларининг мураккаблиги ва чалкаш эканини танқид қилмоқда. Яқиндагина «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилган кўрсатувда адабиётшунос олим Омонулла Мадаев айрим саволларни «фарзанди йўқ одамлар» тузаётганини киноя қилиб айтиб ўтганди.
Ином Мажидов амалдаги тизимнинг мукаммал эмаслигини тан олди, бироқ муаммолар улар аниқланиши билан бартараф этилишини маълум қилди.
«Ҳақиқатан, тест саволларини такомиллашган деб бўлмайди. Бироқ улар узоқ йиллар давомида алмаштирилмайди, дейиш ҳам нотўғри. Биринчидан, саволлар базаси ҳар йили кенгайтирилмоқда. Иккинчидан, саволларнинг ўзи ҳам яхшиланмоқда. Ушбу жараёнда иштирок этувчи ўқитувчи-экспертлар ОТМгача ўқув дастурлари доирасига кирмайдиган саволлардан база ташкил этади», — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, бир неча йил муқаддам барча фанлар бўйича «чалкаш» тест саволлари таҳлили ўтказилган.
«Тест тузувчилардан ташқари, масала бошқа мутахассис ва экспертлардан таркиб топган комиссия томонидан ҳам ўрганилди. Айрим саволларнинг изоҳга муҳтож экани ҳақиқат, бироқ бу жуда кам қисмни ташкил этади. Улар янгиланган ва ўзгартирилган», — маълум қилди олий таълим вазири.
Ином Мажидов Ўзбекистонда тестолог мутахассислар тайёрланмаслигини, борлари эса катта тажрибага эга эмаслигини тан олди:
«Тест тузиш ўзига хосликларга эга. Саволларни тўғри тузиш, шакллантириш керак».
Унинг фикрича, мутахассисларнинг малакасини ошириш учун уларни, жумладан, яқинда қайта ташкил этилган «Истеъдод» фонди ёрдамида чет элга юбориш керак.
Бундан ташқари, барча ОТМлардаги йўналишлар бўйича ягона танлов жорий этиш таклифи ҳақида фикр билдирар экан, Ином Мажидов бу кадрларнинг минтақалар бўйича тақсимланишидаги мувозанатни бузиши мумкинлигини тан олди.
Вазир қуйидаги мисолга изоҳ берди: абитуриент Самарқанд ОТМларидан бирида имтиҳон топширади, 160 балл тўплайди, аммо бу кириш учун етарли бўлмайди. Айни пайтда Тошкентда бошқа абитуриент шу йўналиш бўйича 140 балл тўплаб, талаба бўлади.
«Бу масала ўрганилган. Агар абитуриентлар мисолида гапирсак, Самарқанд битирувчиларининг 70–80 фоизи шу шаҳарда ишлашга қолади, Тошкент ёки Бухорога кетмайди. Бу ерда бир масалан ҳал қилиб, бошқа муаммо — кадрларнинг минтақалар бўйича тақсимланиш мувозанати билан тўқнаш келиш мумкин», — деди у.
Изоҳ (0)