Ўзбекистон Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодиёт ва Молия вазирликларининг таклифларига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги таркибида Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилади. Президент 27 июль куни бу ҳақдаги қарорни имзолади, деб хабар беради Uz24.
Ҳужжатда Чирчиқ давлат педагогика институтининг асосий вазифалари белгилаб берилган.
Таълим муассасаларига ўқишга қабул килиш бўйича давлат комиссияси 2017–2018-ўқув йили учун Чирчиқ давлат педагогика институтининг талабалари контингентини Тошкент вилоятида доимий яшаётган Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шакллантиради.
Чирчиқ давлат педагогика институтига 2017–2018-ўқув йили учун талабалар ўқишга амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори бўйича тасдиқланган квота доирасида қабул қилинади.
Фан ва технологиялар агентлиги Халқ таълими вазирлигининг таклифига асосланиб Чирчиқ давлат педагогика институти учун таянч олий таълим муассасаларига докторантурага 2018 йил учун мақсадли квоталар ажратади.
Халқ таълими вазирлиги 2017 йил 1 сентябргача Чирчиқ давлат педагогика институти йўриқномасини тасдиқлаб, ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиши лозим.