Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида 1 август куни ўтказиладиган тест синовларига телефон олиб киришга уринган барча абитуриентлар тестдан четлатилади. Бу ҳақда олий таълим муассасасининг расмий сайтида маълум қилинди.
Жорий йилда университетда бўлиб ўтадиган кириш имтиҳонларида адолатни таъминлаш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилди ва 1 август куни ҳам яна қатор янгиликлар жорий этилади, дейилади хабарномада. Шундай янгиликлардан бири — тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриентнинг микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилгани назоратчилар томонидан аниқланса, ўша абитуриентга далолатнома тузилиб, у тест синовларидан четлаштирилади.
«Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган ‘Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом’да ҳам, ундан олдин амалда бўлган низомларда ҳам мазкур қоида белгилаб қўйилган эди. Бироқ ушбу қоидага доим ҳам қатъий амал қилинмас, абитуриентларнинг мазкур ножўя ҳатти-ҳаракати аксарият ҳолларда кечирилар эди», — таъкидланади баёнотда.
Жорий йилдан бошлаб мазкур қоидага қатъий амал қилинади. Тест синовлари ўтадиган бинога қўшимча воситалар олиб киришга уринган абитуриент аниқланган заҳоти тест синовларига киргизилмасдан, имтиҳондан четлаштирилади.
ТАТУ қабул комиссияси берган маълумотга кўра, барча абитуриентлар номига махсус огоҳлантириш хатлари тайёрланди ва ДТМ варақасини олишга келган ҳар бир абитуриентга тақдим этилиб, яна бир бор бу ҳақда огоҳлантирилади.
Жорий йилда ТАТУга 1600 нафар талаба қабул қилинади. 2017 йилда 12234 , жумладан, ўзбек гуруҳларига 9688, рус гуруҳларига 2536 абитуриент ҳужжат топширган. 2016 йил билан солиштирилганда абитуриентлар сони 1579 нафарга (14,8 фоизга) ошган.
Изоҳ (0)