Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Элдор Шомуродов билан 4 йиллик шартнома имзолаган Россиянинг «Ростов» клуби Премьер-лига 2-турида «Ахмат»ни қабул қилди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ростовликлар бош мураббийи Леонид Кучук Шомуродовни қайдномага киритди. Бироқ яқиндагина жамоа ихтиёрига етиб келган футболчини майдонга туширгани йўқ. Илк турда унинг шогирдлари «Урал» майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Виталий Денисов ҳаракат қиладиган Москванинг «Локомотив» клуби 2-турдан кейин лига пешқадамига айланди. «Темирйўлчилар» пойтахт дербисида «ЦСКА»ни мағлуб этди — 3:1. Илк турда «Локомотив» «Арсенал» устидан 1:0 ҳисобида муваффақият қозонганди. Денисовда жароҳат бор. Ҳимоячи олдинроқ қишга қадар футболга қайтишга умид қилаётгани ҳақида айтиб ўтганди.
Россия Премьер-лигасида ҳаракат қилаётган ўзбекистонлик яна икки футболчи — Вадим Афонин ҳамда Вагиз Галиулин икки турдан буён 90 дақиқа ҳаракат қилиб келмоқда. Афонин билан шартнома тузган «Анжи» аввалига «ЦСКА»дан 1:3 ҳисобида енгилганди, кейин эса «Амкар»ни таслим қилди — 1:0.
Вагиз Галиулин жамоаси «Тосно» эса дебют мавсумини муваффақиятсиз бошлади ва икки бор мағлуб бўлди: «Уфа» 0:1, «Краснодар» 0:2.
Изоҳ (0)