Россия Либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский мамлакат ҳукуматига мурожаат қилиб, «Ё-мобил»ини тузатишда ёрдам сўради, деб ёзади «Коммерсантъ». Бунда гап Жириновский уч йил аввал бизнесмен Михаил Прохоровдан совға тариқасида олган машина ҳақида бормоқда.
Жириновскийнинг сўзларига кўра, автомобилда юк тортиш батареяси билан боғлиқ муаммо юзага келган. Натижада машина заряд олмай қўйган. Бу детални сотиб олиш иложи йўқ, шу сабабли ҳам партия етакчиси кўмак сўради.
«Афсуски, ушбу автомобилни тузатишга қодир мутахассисларни топиб бўлмади», — дея қўшиб қўйди Жириновский.
Мудофаа-саноат комплексини назорат қилувчи бош вазир ўринбосари Дмитрий Рогозин Жириновскийнинг мурожаатига жавоб қилди ҳамда саноат ва савдо-сотиқ вазирлигига депутатнинг мурожаатини кўриб чиқиш ва уни вазиятдан чиқиш йўллари ҳақида хабардор қилишни топширди. Шунингдек, ҳазил тариқасида партия етакчиси машинасини гусеница (танк, тракторларда ғилдирак вазифасини ўтовчи кенг занжир тасма) ва замбарак билан жиҳозлашни, бунинг учун «Уралвагонзавод» корпорациясини жалб этишни таклиф қилди.
Саноат ва савдо-сотиқ вазири Денис Мантуров ҳам ҳазиломуз тарзда бу талабни «Уралвагонзавод»га етказишга ваъда берди.
Изоҳ (0)