Туриннинг «Ювентус» клубини бразилиялик ҳимоячи Дани Алвес эркин агент сифатида тарк этди ва Франциянинг «ПСЖ» клуби билан икки йиллик келишувга эришди.
«ПСЖ» матбуот хизматининг хабар беришича, Алвес Париж клубида 32-рақам остида тўп суради. У ўтган мавсум «Ювентус»нинг Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб боришида ва мамлакат чемпионлигини қўлга киритишида катта ҳисса қўшганди.
Бунга қадар Алвеснинг «Барселона»даги устози Пеп Гвардиола шогирдини «Манчестер Сити»да кўришни истаётганди. Парижликлар эса футболчига «Сити» таклиф қилаётган пулдан икки баробар кўпроғини беришга рози бўлди. Энди ҳимоячи йилига 12,5 миллион евро маош олади.
Ўз навбатида «Ювентус» Мюнхеннинг «Бавария» клубидан Дуглас Костани 1 йилга ижарага олди. Бунинг учун туринликлар 6 миллион евро сарф этди.
Келишувга кўра, агар Коста янги жамоасида ўз ўрнини топа олса, келаси мавсум «Ювентус» уни 40 миллион еврога «Бавария»дан сотиб олиши мумкин.
Дуглас Коста ўтган мавсум «Бавария» сафида 23 та ўйин ўтказган бўлиб, 4 та гол урган ва 6 та голли узатмани амалга оширганди.
Изоҳ (0)