ЮНЕСКО БМТ ҳимояси остидаги Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатини кенгайтирди. Унга яна саккизта объект киритилди. Meduza рўйхатга киритилган энг сирли жойлардан бири, фақат эркаклар кириши мумкин бўлган Япониянинг муқаддас Окиносима ороли ҳақида ҳикоя қилади. Оролда нималар юз бериши ҳақида ҳеч ким маълумотга эга эмас, у ерга ташриф буюрганларга бошдан кечирганлари ҳақида ҳикоя қилиш қатъий тақиқланган.
Окиносима Фукуока префектурасидаги Мунаката тақиқланган ҳудудига киради. Синтоистлар эътиқодига кўра, бутун орол денгиз сайёҳларининг ҳомийси ва қуёш худоси Аматерасу ва шамол худоси Сусаноонинг уч қизидан бири худо Тагори-хименинг тимсоли ҳисобланади. Орол билан бирга унинг атрофидаги учта маржон қоя, шунингдек, қўшни Осима оролидаги ибодатхона ҳам бутунжаҳон мероси объекти мақомига эга бўлди.
БМТ экспертларининг фикрича, Окиносима оролга сиғинишнинг ёрқин тимсоли: унда нафақат ибодатхона, балки IV асрдан бошлаб бу ерга келтирилган кўп сонли ҳадялар ҳам сақланиб қолган. Оролнинг бор-йўғи 700 квадрат метрга тенг қуруқлик қисмида археологлар йигирмага яқин диний маросим бинолари қолдиқлари, шунингдек, худо учун келтирилган 80 мингга яқин ҳадя, жумладан, тақинчоқ ва қурол-яроғни топган. Бундай бойликнинг сабаби оролнинг жойлашувидир. Окиносима Кюсю ороли ғарбий соҳилидан 60 километр масофада жойлашган. Япон архипелаги ва Корея яримороли ўртасида жойлашган оролда IX асрда қизғин савдо йўллари ўтган. Оролда денгизчилар учун сиғинишган ва уларни асрагани учун худога инъомлар келтирилган.
Экспертларнинг таъкидлашича, Окиносимадаги барча диний маросимлар ва ҳадялар қатъий чеклов туфайли сақланиб қолган. У нафақат энг қадимий, балки Япониянинг энг кам ташриф буюриладиган ибодатхонасидир. Шу вақтга қадар оролга фақат эркаклар ташриф буюриши мумкин. Улар ё маҳаллий руҳонийлар ёки эркак зиёратчилардир. Худога ҳаммаси бўлиб 200 киши йилига бир марта сиғиниши мумкин. Орол ташриф буюрувчилар учун 27 май, Рус-япон уруши давомидаги Сусима жангида ҳалок бўлган денгизчилар хотирланадиган кун очилади.
Юқоридаги тақиқ худога сиғинишни истовчилар учун ягона чеклов эмас: эркаклар оролга оёқ қўйишдан аввал тўлиқ ечиниб, соҳилбўйи сувларида ювиниши лозим. Бу мажбурий маросим бўлиб, Окиносимага «нопоклик» олиб кириш тақиқланади. Бу кунда оролда айнан нималар юз бериши номаълум: зиёратчиларга бу ҳақда ҳикоя қилиш, шунингдек, ўзи билан бирор нарса, ҳатто ўт ёки тош олиб кетиш ҳам тақиқланган.
Окиносима соҳилларига руҳонийлар ва зиёратчилардан ташқари яқинлашиши мумкин бўлганлар — бу қўшни Осима ороли балиқчиларидир. Улардан энг тажрибалилари «Окиносима дўстлари» жамиятига қабул қилинади. Улар об-ҳаво балиқ овлаш имконини бермаган пайтларда ибодатхонани тозалайди, очиқ кунларда эса тутилган балиқлардан энг йиригини худога ҳадя сифатида келтиришади.
«Бизга ёшлигимиздан бирор тақиқланган ишни қилсанг ёки орол ҳақида сўзлаб берсанг лаънатланасан деб ўргатишган», — дейди улар. Окиносимада нима юз бериши ҳақида балиқчиларнинг турмуш ўртоқлари ҳам ҳеч нарса билмайди. Аёллар уларнинг эрлари оролда балиқ овлаётган пайтда диний маросимларда (жумладан, дафн маросимлари) ҳам иштирок этиши мумкин эмас.
БМТ экспертларининг таъкидлашича, оролнинг янги мақоми унинг анъаналарига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди ва сайёҳлар оқимини жалб қилмайди: оролга аввалгидек фақат чекланган миқдордаги эркаклар кириши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)