Гандбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Италия мезбонлик қилган Жаҳон кубогида ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳақда гандбол федерацияси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Милан шаҳри беш қитъанинг 31 давлатидан ташриф буюрган терма жамоаларни ўзида жамлади. Бундай халқаро турнир 45 марта ташкил қилинди.
18 ёшгача бўлган ўзбекистонлик гандболчилар финалга қадар Дания (17:11), Германия (23:17), Италия (28:22) ва Туркия (22:11) термаларини мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Регламентга кўра, финал ўйинида очколар нисбати энг яхши бўлган икки терма жамоа ўзаро кураш олиб бориши керак эди. Бу борада немислар яна бир бор ўзбекистонлик спортчиларга қарши залга чиқди ва 24:28 ҳисобида имкониятни бой берди.
Турнирда 3-ўрин даниялик спортчиларга насиб қилди.
Федерация матбуот хизматининг қайд этишича, ёш гандболчилар 15 июль тонгида Тошкентга қайтиб келади.
Изоҳ (0)