Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда олим, адиб, таржимон ва илк матбаачилардан бири Исҳоқхон Ибратга атаб замонавий боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва «Ибрат мактаби»ни ташкил қилиш ташаббусини баён этган эди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Президент таклифи жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, Тўрақўрғонда Исҳоқхон Ибратга бағишланган мажмуага қўл урилди.
Боғ одамларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига қулайлик яратиш билан маънавий оламини ҳам бойитади. Бу ерда улуғ маърифатпарварнинг ҳайкали ўрнатилади. Музей Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти, серқирра фаолияти билан таништиради. «Ибрат мактаби»да ёшлар хорижий тилларни ўрганади. Буларнинг барчаси яхлит комплекс сифатида алломанинг буюк хизматларини қадрлаш, меросини ўқиб-ўрганиш ва тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.
Наманганга келган давлат раҳбари мазкур мажмуани мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда хорижий тилларни ихтисослаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур шароитлар яратиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
«Гап ёшлар тарбияси ҳақида борар экан, бу борада шошмаслик, ёшлар ва ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаб иш тутиш керак», деди Президент.
Шавкат Мирзиёев тумандаги Наманган кўчасида халқ ичига кириб, одамлар билан мулоқот қилди. Аҳоли Президент ташрифидан хурсандлигини, амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар учун миннатдорлик изҳор этди.