АҚШ президенти маъмурияти Сурия бўйича янги режани тайёрлади. Бу ҳақда Оқ уй ва Конгрессдаги манбаларига таяниб, The Daily Beast портали маълум қилди, дея хабар беради «Газета.ru».
Режа Оқ уй Башар Асад Сурия президенти лавозимида қолишига розилигини кўзда тутади. Шуниндек, унда Сурияда хавфсизлик зоналари яратилиши ва мамлакат ҳудудлари Россия ҳарбийлари томонидан патрулланишига розилик ҳақида сўз боради.
Янги стратегиянинг асосий мақсади ИШИДни узил-кесил йўқ қилиш ва унга ҳудудларни қайтариб олиш учун имконият қолдирмаслик. Бироқ АҚШ ИШИДдан тортиб олинган ҳудудлар назоратини Сурия расмийларига эмас, ўзлари қўллаб-қувватлаётган мухолифатга топширишни мўлжалламоқда.
Мазкур режа Гамбургдаги G20 саммити доирасидаги АҚШ ва Россия томонлари учрашувида тақдим этилиши кутилмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.