5 июль куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилик қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши аъзоси Хушнудбек Худайбердиев хабар берди.
Йиғилиш кун тартибида бир қанча масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг ўринбосарлари сайланди.
Иттифоқнинг ташкилий тузилмасига кўра, Марказий Кенгаш раисининг олти нафар ўринбосари лавозими жорий этилди.
Марказий Кенгаш раисининг тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни ижтимоий ҳимоялаш ва бандликка кўмаклашиш масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида бунгача «Камолот» ЁИҲнинг раиси сифатида фаолият олиб борган Таджиев Одилжон Фотихжонович сайланди.
Халқаро алоқалар, жамоатчилик билан ишлаш, АКТларни жорий қилиш ва туризмни ривожлантириш бўйича ўринбосар сифатида бунгача Ёшлар ташаббуслари маркази раиси сифатида фаолият олиб борган Бекназаров Камолиддин Турсунпўлатович сайланди.
Маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосар сифатида бунгача Хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси сифатида фаолият олиб борган Каттаханова Дилноза Собир қизи сайланди.
Ташкилий-кадрлар масалалари бўйича ўринбосар сифатида эса Шукуров Ўткирбек Илхамович сайланди. Ўткирбек Шукуров аввал ҳам «Камолот» ЁИҲнинг ташкилий-кадрлар масалалари бўйича раис ўринбосари сифатида фаолият олиб борган эди.
Таълим муассасалари билан ишлаш бўйича ўринбосар, «Камалак» болалар ташкилоти раиси сифатида Зуфаров Муроджон Миржалолович сайланди. У бугунги кунгача «Камалак» болалар ташкилоти раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият олиб бораётган эди.
Молия-иқтисод масалалари бўйича ўринбосар сифатида бугунгача Ҳисоб палатасида фаолият олиб борган Мақсудов Суҳробжон сайланди.
Изоҳ (0)