«Ўзбекипаксаноат» уюшмасида хитойлик ишбилармонлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром Шарипов тизимдаги корхона ва ташкилотларга 2023 йилгача қатор имтиёзлар берилгани, хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар туфайли қулай ишбилармонлик муҳити таъминланаётганини таъкидлади. Зеро, пиллачилик тармоғига жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилади. Давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар бериш, муддатини узайтириш, вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва муддатини узайтириш амалга оширилади.
«Ўзбекистонга инвестиция киритиш биз учун жуда қулай, — деди ‘Синг’ ипак ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш компанияси директори Чэн Ю Ми. — Мамлакатингизда соҳани ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Биз яқиндан ҳамкорлик қилишга, замонавий бўяш технологияларини киритишга тайёрмиз».
«Биз тут плантациялари яратиш билан шуғулланамиз, — деди ‘Син Фу’ компанияси бош директори Су Пинг Хуа. — Ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Сурхондарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги тизим корхоналари фаолияти билан батафсил танишдик. Шароитлар бизга маъқул келди. Кузда юртингиз иқлим шароитига мос келадиган уч турдаги тут кўчатларидан 10 миллион дона етказиб беришга келишиб олдик».
Изоҳ (0)