Россия мезбонлик қилган футбол бўйича Конфедерациялар кубоги—2017 ўз якунига етди.
Мусобақанинг финалига қадар Германия ва Чили термалари етиб келди. Мазкур икки мамлакат бунга қадар битта гуруҳда кураш олиб борган бўлиб, ундаги ўзаро ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилган, кейинроқ Германия гуруҳни 7, Чили эса 5 очко билан якунлаганди.
Финал беллашувида учрашув тақдирини биргина гол ҳал қилди ва бунга чилилик футболчилар жавоб қайтара олмади. Натижада Германия терма жамоаси Конфедерациялар кубоги ғолиблигини қўлга киритди. Немислар мусобақада жаҳоннинг амалдаги чемпиони сифатида иштирок этганди.
Турнир олдидан Германия терма жамоаси бош мураббийи Иохим Лёв бир йиллик мавсумни якунлаган етакчи футболчиларга дам беришга қарор қилиб, уларнинг ўрнини босиши керак бўлган таркиб билан Россияга боришга қарор қилганди. Олти қитъа чемпионларига қарши чиқиб келган Германия термаси асосий футболчиларисиз ҳам якунда муваффақият қозона олди.
1992 йилдан буён ўтказиб келинадиган Конфедерациялар кубогида Германия термаси биринчи бор ғолибликни қўлга киритди. Бу борада Бразилия ҳисобида 4 та, Францияда 2 та, Аргентина, Дания ва Мексика термаларида 1 тадан чемпионлик бор.
Изоҳ (0)