Россия мусулмонлари жамияти таклифига кўра Рамазон ойида Россиянинг бир қатор шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб берган ўзбекистонлик қорилар Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумот берди.
Қорилар 25 июнь куни Москва шаҳрида Россия мусулмонлари жамияти раиси, муфтий Альберт Крганов қабулида бўлди. Муфтий қориларга таровеҳ намозлари адо этиб берганликлари ва чиройлик хатм Қуръонлар учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди. А. Крганов ўзбекистонлик қориларни Россия мусулмонлари жамиятининг фахрий ёрлиғи ва махсус ордени билан тақдирлади.
Тақдирлаш маросимида муфтий Ўзбекистон, у ердан етишиб чиққан уламолар, ўзбекистонлик қорилар ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирди. Хусусан, «биз Ўзбекистондан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп, у ердан етишиб чиққан ва чиқаётган уламоларга, қориларга бутун дунё ҳавас қилади» — деб таъкидлади.
Ўз ўрнида, ўзбекистонлик қорилар ҳам меҳмондўстлик учун ташаккур изҳор қилиб, бу йилги Рамазон ўзгача руҳда ўтганлигини таъкидлади ва берилган эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Украинанинг Киев шаҳрида Рамазон ойида таровеҳ намозларини ўқиб берган ўзбекистонлик қори М. Аббосиддинов ҳам хатми Қуръонни тугатиб, Ўзбекистонга қайтиб келди. Мусохон қори ҳам украиналик мусулмонлар эътирофига сазовор бўлиб, Украина мусулмонлари идорасининг махсус фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Изоҳ (0)