Афсонага кўра Треви фавворасига танга ташлаган одам албатта Римга қайтиб келади. Агарда иккита ташланса — ўз севгисини учратади, учта ташласа — уни тўй кутади, тўртта эса — бойликдан далолат.
Ҳар йили миллионлаб туристлар XVIII асрда барокко усулида қурилган фавворага ташриф буюриб, деярли барчаси бахт учун у ерга чой-чақа отади. Сув остида шу қадар кўп пул йиғилиб қоладики, ходимлар уни ҳар кеча тозалашларига тўғри келади, деб хабар берди Insider Pro.
2016 йилда Треви фавворасидан 1,5 миллион доллар йиғиб олинган. Барча пуллар католик черковининг хайрия фондларига йўналтирилган.
Баландлиги 25,9 метр ҳамда эни 19,8 метр бўлган фавворани қуришни 1762 йилда Никола Сальви бошлаган, Жузеппе Паннини эса орадан 30 йил ўтиб унинг ишини якунлаган. Фаввора номи унга элтувчи учта кўча номидан келиб чиққан (италянча «tre vie») — Виа Дей Крочиччи, Виа Поли ҳамда Виа Делле Муратте.
Фаввора яқинда Италиянинг Fendi модалар уйи ҳисобига реконструкция қилинган эди. Таъмирлаш ишларига 2,2 миллион доллар сарфланган.
Ҳар куни муниципал ишчилари фаввора сувининг остини тозалаб, туристлар ташлаган тангаларни йиғади. Ундаги тангалар бир неча минг долларни ташкил этади.
Йиғилган тангалар тозаланади, тортиб кўрилади, саналади ва халқаро католик нотижорат ташкилоти Каритасга юборилади.
Getty Images’нинг 2005 йилдаги маълумотларига кўра, бир йил давомида фавворадан 600 минг долларга яқин пул йиғиб олинган. 2016 йилда эса ушбу маблағ 1,5 миллион долларга етган.
Авваллари фавворани оддий ўғрилар тунаб кетган. Бу иш Рим шаҳар кенгаши ушбу фаолиятни ноқонуний дея топгунига қадар давом этган.
Треви фавворасига нафақат тангалар ташланади. Баъзида у ердан кўзойнак, диний рамзлар ва ҳатто тиш протезлари ҳам чиқиб туради.