Мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Англиянинг «Ливерпуль» футбол клубида давом эттиради. «Мерсисайд» клуби 25 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи билан 5 йиллик шартнома тузилгани ҳақида маълумот берди.
Мана шу 5 йили давомида Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль»дан йилига 5,5 миллион евро маош олиши белгилаб қўйилди. Унинг бўлажак ўйинлари ҳамда «Ливерпуль»нинг эҳтимолий ғалабалари 40 миллионлик трансфер ёнига яна 5 миллион қўшилишини таъминлаб, «Рома» ҳисоб рақамини янада бойитиши мумкин.
«Ливерпуль» Салоҳ карьерасидаги иккинчи АПЛ клуби бўлди. У Лондоннинг «Челси» клубида 2014—2015 йилги мавсумда ҳам тўп сурган бўлиб, 13 та ўйинда 2 та гол уришга муваффақ бўлганди.
Шундан сўнг А серияга йўл олган футболчи «Фиорентина»даги ярим мавсумида 16 та учрашувда иштирок этди ва 6 та голга муаллифлик қилди. «Рома»да эса 2016—2017 йилги мавсумлар давомида 65 учрашув ўтказиб, 29 бор рақиб дарвозабонларини ўз постидан гол олиб чиқишга мажбур этди.
2011 йилдан буён Миср терма жамоасидан чақирув оладиган Муҳаммад Салоҳ ўтган давр мобайнида ватани жамоаси учун 40 ўйин ўтказди ва 25 та гол уришга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)