Германия Бундеслигасида сенсацион тарзда кумуш медалларга эга чиққан «Лейпциг» ва Австрия чемпионатида ғолиб бўлган «Ред Булл Зальцбург» клубларининг Чемпионлар лигасидаги иштироки катта сўроқ остида турганди. УЕФА мазкур масалага ойдинлик киритувчи баёнотини берди.
Ҳар икки клуб Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса-да, хўжайини битта ҳисобланади. Ташкилот регламентига кўра, бундай ҳолатда битта инсон ёки ташкилот манфаатларини кўзлайдиган икки клуб битта мусобақада иштирок этмаслиги керак. Бу соғлом рақобатга путур етказиши, томонлар ўзаро тўқнаш келиб қолганида бир-бирининг манфаати учун хизмат қилиб қўйиши мумкин деб қаралади.
Шунга қарамай, УЕФА Дитрих Матешицга қарашли бўлган ҳар икки клубни Европа Чемпионлар лигасида кўришга қарши эмас. Ташкилот матбуот хизматининг қайд этишича, УЕФА уларнинг иштирокига расман рухсат беради.
«Илк мавсумидаёқ Бундеслигада шов-шув кўтарган «Лейпциг»нинг Чемпионлар лигасидан четда қолиши адолатсизлик бўларди. Шунингдек, Австрия гегемонига айланиб бораётган «Ред Булл Зальцбург» ҳам Чемпионлар лигаси учун ҳақли», — дея баёнот берган УЕФА.
Изоҳ (0)