Ташқи ишлар вазирининг фуқаролар билан 2017 йил 5 июль куни тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиши тўғрисида ТИВ интернет-ресурсларида 2017 йил 8 июнда эълон қилинган хабардан сўнг вазирликка виртуал қабулхона, muloqot@tiv.uz электрон манзили, ТИВнинг Facebook’даги саҳифаси, Telegram’даги канали орқали хатлар кела бошлади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг асосий қисми қуйидаги масалаларга тегишли:
- ҳужжатсиз ва молиявий таъминотсиз қолган хориждаги фуқароларнинг ватанга қайтиши;
- ота-оналари хорижда яшириниб юрган болаларни боқиш учун алимент ундириш;
- Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетган ота-оналарни излаш;
- бошқа давлатларда судланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш;
- ватандан йироқда вафот этган фуқаролар жасадини қайтариш;
- хорижга чиқишда ёрдам бериш;
- Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш;
- ТИВ тизимига ишга жойлашиш.
Мамлакатнинг ташқи сиёсий фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам анчагина. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатлари, жумладан, ташқи чегаралар делимитацияси ва демаркациясининг боришига оид мавзулар кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда.
Барча мурожаатлар рўйхатдан ўтказилиб, вазирга маълум қилинмоқда ва унинг шахсий назоратига олинмоқда. Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилгач, фуқароларга расмий жавоблар ва тегишли изоҳлар берилади.
ТИВ 8 июндаги хабарни батафсил баён қилиб, вазирнинг ватандошлар билан бўлажак мулоқоти аудитоториясини сезиларли кенгайтиришга кўмаклашган барча маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларига миннатдорлик изҳор этди ва улар билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга умид билдирди.
Изоҳ (0)