Яратган ўнлаб бадиий ва ҳужжатли фильмлари билан нафақат ўзбек, балки жаҳон киномухлисларининг ҳам қалбидан чуқур жой олган атоқли кинооператор, режиссёр, халқаро кино фестиваллари совриндори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Ҳотам Файзиев ҳаёт бўлганида бу йил саксон ёшни қарши оларди. Шу муносабат билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида хотира кечаси ташкил этилди, деб хабар беради ЎзА.
Унда Файзиевнинг оила аъзолари, ҳамкасб дўстлари, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар, «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О. Мусаев ва бошқалар иштирок этди.
Ҳотам Файзиев суратга олган ва режиссёрлик қилган «Сен етим эмассан», «Саҳро осмони», «Сурайё», «Виждон амри сари», «Тошкент — нон шаҳри», «Дилором», «Нур ва соя», «Абу Райҳон Беруний», «Йилнинг тўрт фасли», «Жала», «Эҳтиёт бўлинг, илонлар» каби бадиий фильмлар ўзбек киноси тарихида ўчмас из қолдирган. Бу киноасарларда Файзиевнинг ўзига хос операторлик таланти ва салоҳияти ёрқин намоён бўлган. Шу билан бирга, у режиссёрликда ҳам такрорланмас иш қилди.
Хотира кечасида атоқли киноустанинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Изоҳ (0)