ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ноёб қўлёзмаларни сотиб олади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Институт қўлёзмалар фонди жаҳондаги энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, олти бўлимда 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлар, хаттотлик намуналари ва миниатюралар коллекцияси мавжуд. Улар Марказий Осиё, хорижий Шарқ халқларининг тарихи, маданияти, адабиёти ва фанлари тарихини ўрганиш учун бирламчи манбалардир. Мазкур фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Давлат раҳбарининг қарори билан замонавий талаблар асосида институтнинг асосий вазифа ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилгани институте фаолияти кўламини янада кенгайтиш, янги сифат босқичларига олиб чиқиш имконини беради.
Дастлабки вазифа — Шарқ қўлёзмалари фондини сақлаш, таъмирлаш, бойитиш ва муайян тизимга келтириш, араб ёзувидаги турли мавзуларга оид ёзма ёдгорликлар ва эпиграфика намуналарини тадқиқ қилиш, уларни асл ҳолида, ўзбек ва хориж тилларида илмий изоҳлар, таржималар билан нашр этиш, илмий муомалага киритишдан иборат.
Аҳолида кўплаб ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар сақланмоқда. Уларни излаш, харид қилиш ва фондга жамлаш, тадқиқ этиш ва кейинги авлодларга етказиш — муҳим вазифа. Президент қарори билан бу борада катта имкониятлар яратилди — институт фондини аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар ҳисобига бойитиш бўйича экспертлар гуруҳи, ноёб манбаларни баҳолаш ва сотиб олиш бўйича комиссия тузилди. Энди ноёб манбалар Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси белгилаган тартибда тасдиқланадиган низомга асосан харид қилинади.
Бу жараённинг механизми ишлаб чиқилмоқда. Содда айтганда, бунда археографик экспедициялар уюштирилиб, ноёб манбалар аниқланади. Экспертлар гуруҳи ҳамда Комиссиянинг тегишли хулосалари билан улар баҳоланади, нархланади. Мулк эгасининг розилиги билан бу манбалар сотиб олинади.
Агар халқ орасида кимдадир шундай ноёб қўлёзмалар бўлса, институтга мурожаат қилиши мумкин. Европа ва Осиёнинг кўплаб мамлакатлари кутубхоналарининг «олтин фонд»ини ташкил этаётган асарларнинг электрон нусхаларини айирбошлаш ёки олиш ҳисобидан Ўзбекистонга келтириш кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)