58 ёшли италиялик мутахассис Лучано Спалетти кейинги икки йил давомида Миланнинг «Интер» клубини бошқаради. У билан шартнома тузилгани борасида клуб матбуот хизмати хабар берди.
Спалетти сўнгги мавсумни Римнинг «Рома» клубида ўтказиб, А серияни 2-ўринда якунлади. Чемпионлик пойгасида «бўрилар» Туриннинг «Ювентус» клубидан 4 очко ортда қолиб кетди. Шу тариқа Тотти ҳамда Спалеттининг Римдаги фаолияти ўз якунига етди.
Спалетти «Рома»ни 2005—2009 йил оралиғида ҳам бошқарган бўлиб, кетма-кет уч йил Италия вице-чемпионлигига эришган. А серия чемпионлиги барибир насиб қилмаган. Бу вақт давомида «Рома» икки марта Италия кубогида ва бир марта мамлакат Супер кубогида ғалаба қозонишга эришган.
Мураббий 2010 ва 2012 йил Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби билан Россия чемпионлигини қўлга киритган. Яна икки мавсум кумуш медаллар билан чекланган. Бир мартадан мамлакат кубоги ва Супер кубогида муваффақият қозонган.
Миланнинг «Интер» клуби А сериянинг жорий мавсумини 7-ўринда якунлади ва халқаро майдондан четда қолиб кетди. Келаси мавсум клуб олдига жиддий вазифалар қўйилади. Мана шу мақсад йўлида олиб келинган Спаллети июль ойидан эътиборан «Интер» футболчиларини шуғуллантиришни бошлайди.
Изоҳ (0)