Туркия полицияси мамлакат президентини қўриқлаш хизматининг 24 ёшли ходими Рамазон Ўзчеликнинг ўлими юз берган ҳолатни текширмоқда, деб ёзади «Вести.ru». У рус рулеткасини ўйнаб, ўзини ўлдириб қўйгани тахмин этилмоқда.

Фото: «Вести.ru»

Ҳодиса 5 июнь куни Истанбулда, Ўзчеликнинг маъшуқасининг уйида юз берган. Аёлнинг айтишича, у йигитга одамларнинг рус рулеткасини ўйнагани акс этган видеоларни кўрсатган. Шундан сўнг Ўзчелик камаридан тўппончасини олиб, «бу ўйинни мана бундай ўйнаш керак» деган сўзлар билан қуролни бошига тираган. Аёл йигитни тўхтатиб қолишга уринган, аммо тўппончадан ўқ узилган.

Полицияда аёлнинг сўзлари ростлигига шубҳа қилиш учун жиддий асослар бор. У гўёки йигитга кўрсатган видеоларнинг бирортасини ҳам далил сифатида тақдим эта олмади. Бундан ташқари, аёлнинг уйидан бир йўла тўртта мобил телефон топилди, у буни чет элга доимий равишда бориб туриши билан изоҳлади.

Шунингдек, аёлнинг буюмлари орасидан рақами ичида F ҳарфи бўлган бир долларлик банкнота топилди. Тахминларга кўра, бундай банкноталар ёрдамида АҚШда яшовчи Фатхулла Гулен тарафдорлари бир-бирларини таниб олади. Айнан Гулен Туркия ҳукумати фикрича, 2016 йил июлидаги давлат тўнтаришига уриниш ортида турган.

Президент соқчисининг ўлимини текшириш билан айни пайтда Туркия полиция бошқармасининг аксилтеррорчилик департаменти шуғулланмоқда.