Қатар қуролли кучларининг Ямандаги операцияларда қатнашаётган қисмлари, шунингдек, ҳарбий авиация мамлакатдан олиб чиқилди. Амирлик Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция таркибидан чиқариб юборилганидан сўнг шундай қарорга келинди, деб хабар беради «ТАСС».
Пойтахт Доҳада ҳарбийларни олий мартабали қўмондонлар кутиб олди.
Ямандаги ҳаво операциясида Қатар ҳарбий-ҳаво кучларининг ўн қирувчиси иштирок этаётган эди. Ер усти кампаниясига минг нафар аскар жалб қилинган эди.
Муқаддам қатор араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни узди. Улар қаторига бошқа давлатлар қўшилиб бормоқда. Жумладан, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Миср, БАА, Яман, Ливия, Малдив ороллари, Маврикий ва Комор ороллари Қатар билан дипломатик алоқаларини узган эди. Ўз навбатида, Қатар араб давлатларининг дипломатик алоқаларни узиш ҳақидаги қарорини ноўрин деб баҳолади. Қатарга қарши санкциялар жорий этилиш эҳтимоли мамлакат аҳолисини озиқ-овқат захираларини тўлдиришга мажбур қилмоқда.
Бундан ташқари, Эрон Қатарга ўз ҳаво ҳудудида парвозлар амалга оширишга рухсат берди.
Изоҳ (0)