Россия Ҳаво-космик кучлари 29 майдан 30 майга ўтар кечаси Сурияда ИШИД террорчилик ташкилотининг Раққадан Пальмирага йўл олган учта автоколоннасини йўқ қилди. Оқибатда 80 нафар террорчи йўқ қилинган. Бу ҳақда 1 июнь куни Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги журналистларга маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«29 майдан 30 майга ўтар кечаси ИШИДчилар Пальмирадан чиқишга яна уриниб кўрди. Жангариларнинг учта автоколоннаси қоронғуликда Раққадан чиқиб, бир нечта йўналишда жанубга қараб ҳаракатланди. Террорчиларнинг мазкур ҳаракатлари разведкамиз томонидан ўз вақтида аниқланди», — дейилади бошқарма хабарида.
Россия Ҳаво-космик кучлари авиацияси аниқланган нишонларга зарба берди. «ИШИД йўқотишлари 80 дан ортиқ террорчи, 36 та автомобиль, саккизта ёқилғи билан таъминловчи машина ҳамда миномёт ва йирик калибрли ўқ отиш қуроли ўрнатилган 17 та пикапдан иборат бўлди», — дея аниқлик киритади Мудоаа вазирлиги.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)