Хитойнинг Юннан провинцияси икки қишлоғи аҳолиси ёмғирлардан кейин кўчаларга чиқиб қолган минглаб мингоёқдан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Daily Mirror нашри хабар бермоқда.
Мингоёқлар кучли ёғингарчиликлардан кейин юзага келган сув тошқинидан сўнг пайдо бўлди. Маҳаллий аҳоли бу каби мавжудотларни аввал кўрмаганлигини таъкидлаб, уларни «ғалати қўнғизлар» деб номлади.
Улар бир неча ўн килограм ўлик кўпоёқни йиғган ва уларни қириш қийин эканлигидан шикоят қилмоқда. Уларни одатий ҳашарот қирувчилар олмаслиги, мингоёқлар оловга ташланганда ёки устидан қайноқ сув қуйилганда ғужанак бўлиб олиб, тирик қолаётганлиги таъкидланмоқда.
Маҳаллий табиатни муҳофаза қилиш органлари вакили Ван Цзяньбин уларга қарши курашиш учун сўндирилган оҳакдан фойдаланишни тавсия қилди.