Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан яхшилаш ҳақидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ёнғин хавфсизлигини барча босқичларда таъминлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик юкланди.
Қарорда мансабдор шахслар ҳар чоракда ўз бошқарувидаги объект ва ҳудудлардаги ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ аҳволни танқидий кўздан кечириши ва таҳлилдан ўтказиши назарда тутилган.
Ҳафтанинг ҳар сешанбаси ёнғинлар профилактикаси куни деб эълон қилинди.
Ёнғин хавфсизлиги хизмати зиммасига барча даражадаги ҳокимлар билан ҳамкорликда рўй берган энг катта ёнғинлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда шу асосда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган йўл хариталари тузиш юкланди.
Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги хизмати алоҳида давлат аҳамиятига эга объектларда ёнғин хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриши, тактик ўқувлар ва машғулотлар ўтказиши лозим.
Телевидение орқали ёнғинлар билан боғлиқ ҳодисаларни ёритишга қаратилган махсус кўрсатувлар намойиш этиш режалаштирилмоқда. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимиятларида ёнғин хавфсизлиги комиссиялари ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифалари — ёнғин хавфсизлиги бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, қишлоқ жойларда ва олис ҳудудларда кўнгилли ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг яратилишига кўмаклашиш.
Изоҳ (0)