Россия президенти Владимир Путиннинг собиқ рафиқаси Москвада «Волконский уйи» сифатида машҳур тарихий кошонага эгалик қилувчи фонднинг тузилишига ёрдам берди ва унга васийлик қилмоқда. Бинони ижарага бериш миллионлаб доллар даромад келтиради. Бу ҳақда, Reuters манбаларига таяниб, Insider хабар бермоқда.

Foto: “RIA Novosti”

Фото: «РИА Новости»

Умумий майдони 5774 квадрат метр бўлган икки корпусдан иборат бинога «Шахслараро коммуникацияларни ривожлантириш маркази» эгалик қилади. Мазкур фонд илгари «Рус тилини ривожлантириш маркази» деб номланган ва Людмила Путина ташаббуси ҳамда қўллаб-қувватлаши туфайли тузилган.

Бинонинг катта қисмини «Меридиан» компанияси фонддан ижарага олган ва у ҳам ўз навбатида хоналарни давлат ҳамда хусусий компанияларга ижарага беради. Улар орасида икки давлат банки ва Мудофаа вазирлиги пудратчиси бор.

Knight Frank агентлигига кўра, бино хоналарини ижарага бериш қиймати йилига 3,3 миллион долларни ташкил этиши мумкин.

Москванинг Воздвиженка кўчасидаги кошонадан ташқари ШКРМ Людмила Путина туғилиб-ўсган Калининграддаги «Юность» истироҳат боғида иморатга ҳам эгалик қилади ва у ерда фонд филиали жойлашган.

Россия матбуоти Людмила Путина 2013 йилда Владимир Путин билан ажрашгандан сўнг бизнесмен Артур Очеретнийга турмушга чиққан бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Журналистлар унинг Францияда 6—7 миллион евро турадиган вилласи борлигини аниқлаганди.