АҚШнинг NASA агентлиги 19 май куни «Юнона» сайёралараро станцияси Юпитерга яна бир маротаба муваффақиятли яқинлашганини маълум қилди. Бу ҳақда 3DNews хабар бермоқда.
Juno аппарати газ гиганти томонига 2011 йил августида йўл олган, 2016 йил 4 июлида эса сайёра орбитасига кирган эди. Илмий дастур даставвал Юпитер атрофида 30 айланишни кўзда тутган, ҳар бирига 14 Ер куни кетиши мўлжалланган эди. Аммо клапан тизимидаги муаммолар туфайли «Юнона»ни 53-кунлик орбитада қолдиришга қарор қилинди.
Учиб ўтиш пайтида станция газ гиганти булутларининг юқори қатламидан 3500 километр узоқликда турди. Барча илмий ускуналар ҳамда JunoCam камераси фаоллаштирилган бўлиб, улар тўплаган маълумотлар эндиликда Ерга жўнатилмоқда.
NASA Юпитернинг сердовул олами акс этган суратларни эълон қилишда давом этмоқда. Қуйидаги суратда соатга тескари айланаётган улкан довул зонаси қайд этилган.
Кейинги сафар «Юнона» Юпитерга 11 июль куни яқинлашади. Бу сафар станция Катта қизил доғ минтақасини ўрганади. Бу Юпитердаги энг диққатга сазовор рельефлардан бўлиб, Жованни Кассини томонидан уч ярим аср муқаддам очилгандир. 40 минг километр узунликка эга мазкур доғ довул-аксилциклон эканлиги тахмин қилинади. Унинг ичида шамол тезлиги 500 километр/соатдан ошади.
Изоҳ (0)