Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда судьялар, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди, деб хабар беради ЎзА.
Мажлисда Ўзбекистон Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Судьялар олий кенгашининг қарорига мувофиқ биринчи маротаба лавозимга тайинланган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро ва шаҳар судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Ғозиев, Судьялар олий кенгаши раиси М. Усмонов, Судьялар ассоциацияси раиси ўринбосари У. Мингбоев ва бошқалар иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2017 йил 16 майдаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган етти нафар судьянинг қасамёди эшитилди.
Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳнома ва «Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари» китоби топширилди.
Изоҳ (0)