Республика божхоначилари томонидан қўлбола усулда кўпайтирилган контрафакт дискларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига қарши кенг кўламли чора тадбирлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида муаллифлик ҳуқуқларини қўпол равишда бузишга уринган тадбиркорлар фаолияти фош қилинди.
Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига «Фарғона» чегара божхона пости орқали кириб келган Д.Раҳмонов бошқарувидаги Damas русумли автомашина белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, автомашинанинг яширин жойларига хорижда ишлаб чиқарилган 5400 дона СD дисклар яширилганлиги аниқланди. Қонунбузар келгусида турли фильм ва концертларни ноқонуний усулда кўпайтириш учун мўлжалланган ушбу дискларга тегишли биронта ҳам ҳужжатларни божхоначиларга тақдим қила олмади.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам ҳамкорликдаги тадбирлар давомида контрафакт дискларнинг ички бозорларда ноқонуний сотилишига доир ҳолатларни фош қилди. Хусусан, Жиззах туманида фуқаро Акмал Қосимовнинг ноқонуний қилмишига чек қўйилди.
Амалдаги тартибларга мувофиқ унинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тегишли давлат идораларидан лицензия олмасдан туриб, турли фильм, концерт ва бошва мавзудаги материаллар уй шароитида кўпайтириб, сўнгра бозорларга чиқариб келингани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида хонадонда 3 135 дона ҳар хил форматдаги турли телесериал, бадиий ва жангари фильм, клип, концерт ҳамда қўшиқларни контрафакт усулда DVD ва CD дискларга ёзиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилгани ҳамда уларни кўпайтириш учун ишлатилган компьютер жамланмалари ва ҳар хил рангли бўёқлар ашёвий далил сифатида олинди. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)