Россиянинг Новосибирск шаҳридаги кўча савдогарлари Ўзбекистондан келтирилган гилосни сота бошлади. Яқин кунларда ушбу маҳсулот савдо тармоқларида пайдо бўлади, деб хабар беради «НГС. Новости».
«Сибирский Гигант» тижорат холдинги тижорий директори Ольга Занинанинг маълум қилишича, гилос холдингга тегишли тақсимлаш марказларига олиб келинган бўлиб, 18 майдан тармоқ дўконларида пайдо бўлади.
Гилоснинг савдо марказидаги бир килограмми 484 рублни (Ўзбекистон Марказий банкининг 16 май курси бўйича 32 минг сўмни) ташкил қилмоқда. Шаҳар кўчаларида эса килограммига 450 рубль (30 минг сўм) нархда Тошкентдан келтирилган май гилоси сотилмоқда.
Таъкидланишича, Сибирга Ўзбекистондан гилос етказиб берилиши кенг тус олган. Жумладан, Красноярскда унинг бир килограмми 548 рублни (салкам 36,5 минг сўмни) ташкил этади.
Ольга Занинанинг айтишича, шу пайтгача гилос Чилидан олиб келинган ва унинг нархи 1500 рубль атрофида (99,5 минг сўм) бўлган.
Изоҳ (0)