Озарбайжон пойтахти Бокуда давом этаётган «Ислом бирдамлик ўйинлари»да Ўзбекистон делегацияси еттинчи олтин медалга эга чиқди, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати.
Таэквондонинг -58 килограммгача бўлган спортчилари ўртасидаги мусобақасида Ўзбекистон шарафини Ниёз Пўлатов ҳимоя қилди. У ярим финалда тунислик рақиби устидан зафар қучди.
Финалда эса рақиб томон таэквондочиси жароҳати борлиги сабаб, татамига чиқишни истамади. Шу тариқа Пўлатов олтин медаль билан тақдирланди.
Бунга қадар Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида кучли учликни якунлаб турганди. 17 май ҳолатига кўра эса эронлик спортчилар 10 та олтин медаль билан Ўзбекистондан ўзиб кетишга муваффақ бўлди.
Озарбайжонлик спортчилар эса пешқадамлик пойгасида Туркияни олдинга ўтказиб юборди. Ўзбекистонлик боксчиларнинг беш нафари ярим финалга йўлланма олгани инобатга олинса, эҳтимолий олтин медаллар ёрдамида Ўзбекистон учинчи поғонани қайтариб олиш имкониятига эга бўлиб турибди.
Изоҳ (0)